Уч авлод урашуви

Устоз шогирдлик анъанаси касбга фидоийларни, ҳақиқий профессионал кадрларни тайёрлаш мактабидир. Самарқанд вилоят судида уч авлод учрашуви ташкил этилди. Тадбирда пенсиядаги фахрийлар, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган судьялар ва ёш авлод бўлмиш суд ходимлари иштирок этди.
Тадбир хушхабар билан бошланди. Вилоятимизда яна тўртта пенсия ёшидаги судья ва суд ходимларига “Ўзбекистон суд фахрийси” гувоҳномаси тақдим этилди.
Шу муносабат билан мазкур уч авлод учрашувида гувоҳномалар ўз соҳибларига шогирдлар иштирокида тантанали равишда топширилди.
Вилоят суди раиси О. Ҳайитов тадбирни кириш сўзи билан очиб, устозларни юксак эътироф билан табриклади. Уларнинг шарафли меҳнат фаолияти ҳақида сўз юритиб, бугунги кунда ҳам шогирдларга йўл-йўриқ кўрсатиб катта кўмак беришаётганларини таъкидлади.
Шундан сўнг, бугун пенсияда кексалик гаштини сураётган Гулнора Баҳриева ва Шоиста Жалилова ҳамда вилоят суди судьяси Муҳиддин Тўхтаев, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси Тўлқин Усмоновга Ўзбекистон суд тизими фахрийлар марказининг “Ўзбекистон суд фахрийси” гувоҳномаси, шунингдек китоблар жамланмаси ва гуллар тантанали равишда топширилди.- 1976 йилда ўқишни тугатиб, Самарқанд туман судига ишга келганман. Шу билан роппа роса қирқ йил узлуксиз ишлаб, 2016 йилда ёруғ юз билан пенсияга чиқдим, – деди суд фахрийси Шоиста Жалилова. – Биз ишлаган даврларда ҳозиргидек шароитлар бўлмаган. Бино эски, зах, қишда совуқ бўларди. Жиҳозлар ҳам, шароитлар ҳам ҳаминқадар эди. Лекин биз касбимизни севганимиздан ҳеч қачон нолимаганмиз, садоқат билан, фидойилик билан ишлаганмиз. Чунки суд шундай нуфузли орган, унга содиқ бўлиш керак, лойиқ бўлиш керак. Бугунги бу шарт-шароитларни, судьяларга бўлган эътиборни қадрига етиб, ҳар қанча фидокорлик билан, садоқат билан ишласангизлар арзийди. Биз кексаларга берилган эътибор учун Президентимизга, Олий суд ва Судьялар олий кенгашига ҳамда вилоят суди раҳбариятига чексиз миннатдорчилик билдирамиз.
Тадбирда вилоят суди Фахрийлар кенгаши раиси И. Саидов, вилоят суди судьялари сўзга чиқиб фахрийларни қутладилар. Ёш ходимларга насиҳат қилиб, омадлар тилади. Бугун юртимизда мазкур соҳада рўёбга чиқарилаётган ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Тадбир жуда самимий ва кўтаринки руҳда ўтди. Ёш авлод вакиллари устозлар йўлидан бориб, шундай улуғ эътирофга лойиқ бўлишни ният қилишди.