“Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида 16 кунлик қўшма кампаниянинг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди

Маълумки, Ўзбекистонда «Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» қўшма кампания иш бошлаган. 22 ноябрь куни “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида 16 кунлик қўшма кампаниянинг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаётган ушбу кампания доирасида аёлларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, хотин-қизларни жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилаяпти. Уларда аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этмоқда. Самарқанд вилоят маъмурий суди ва Самарқанд туманлараро маъмурий суди судьялари Самарқанд шаҳридаги Самарқанд юридик техникуми ўқитувчилари ва талабалари билан ана шу мавзуда давра суҳбати ўтказдилар.
Биргина жорий йилда Ўзбекистонда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий руҳий ёрдам кўрсатиш бўйича” ўқув қўлланмаси яратилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилган 74 мингдан ортиқ хотин-қизларга соҳанинг етук мутахассислари томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”даги тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд 71 мингдан зиёд хотин-қизларга малакали психологлар томонидан психологик ёрдам кўрсатилган. Бу факт ва далиллар давра суҳбатида судьялар томонидан маълум қилинди.
Шунингдек, давра суҳбатида судьялар Коррупцияга қарши курашиш мавзусида ҳам маъруза қилиб, коррупция мамлакатнинг ҳар жабҳасини емирадиган ўта салбий иллат эканлиги, унинг олдини олиш ва унга қарши курашишга ҳар биримиз масъул эканлигини таъкидлади.
Давра суҳбати савол-жавоблар, фикр-мулоҳазаларга бой бўлиб, қизиқарли ўтди.