Маълумки, Ўзбекистонда «Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар» қўшма кампания иш бошлаган. 22 ноябрь куни “Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз” шиори остида 16 кунлик қўшма кампаниянинг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бутун мамлакат бўйлаб ўтказилаётган ушбу кампания доирасида аёлларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, хотин-қизларни жамиятдаги мавқеини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказилаяпти. Уларда аҳолининг барча қатламлари фаол иштирок этмоқда. Самарқанд вилоят маъмурий суди ва Самарқанд туманлараро маъмурий суди судьялари Самарқанд шаҳридаги Самарқанд юридик техникуми ўқитувчилари ва талабалари билан ана шу мавзуда давра суҳбати ўтказдилар. Биргина жорий йилда Ўзбекистонда оиладаги зўравонликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш бўйича 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга тиббий руҳий ёрдам кўрсатиш бўйича” ўқув қўлланмаси яратилди. “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилган 74 мингдан ортиқ хотин-қизларга соҳанинг етук мутахассислари томонидан ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. “Аёллар дафтари”даги тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд 71 мингдан зиёд хотин-қизларга малакали психологлар томонидан психологик ёрдам кўрсатилган. Бу факт ва далиллар давра суҳбатида судьялар томонидан маълум қилинди. Шунингдек, давра суҳбатида судьялар Коррупцияга қарши курашиш мавзусида ҳам маъруза қилиб, коррупция мамлакатнинг ҳар жабҳасини емирадиган ўта салбий иллат эканлиги, унинг олдини олиш ва унга қарши курашишга ҳар биримиз масъул эканлигини таъкидлади. Давра суҳбати савол-жавоблар, фикр-мулоҳазаларга бой бўлиб, қизиқарли ўтди.
2021 йил 25 ноябрь куни Самарқанд вилоят суди раиси ҳамда вилоят маъмурий суди биргаликда Самарқанд шаҳрида фуқаролар учун сайёр қабул ўтказишди. Сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб уларни қийнаб келаётган муаммолар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Устоз шогирдлик анъанаси касбга фидоийларни, ҳақиқий профессионал кадрларни тайёрлаш мактабидир. Самарқанд вилоят судида уч авлод учрашуви ташкил этилди. Тадбирда пенсиядаги фахрийлар, бугунги кунда фаолият кўрсатаётган судьялар ва ёш авлод бўлмиш суд ходимлари иштирок этди. Тадбир хушхабар билан бошланди. Вилоятимизда яна тўртта пенсия ёшидаги судья ва суд ходимларига “Ўзбекистон суд фахрийси” гувоҳномаси тақдим этилди. Шу муносабат билан мазкур уч авлод учрашувида гувоҳномалар ўз соҳибларига шогирдлар иштирокида тантанали равишда топширилди. Вилоят суди раиси О. Ҳайитов тадбирни кириш сўзи билан очиб, устозларни юксак эътироф билан табриклади. Уларнинг шарафли меҳнат фаолияти ҳақида сўз юритиб, бугунги кунда ҳам шогирдларга йўл-йўриқ кўрсатиб катта кўмак беришаётганларини таъкидлади. Шундан сўнг, бугун пенсияда кексалик гаштини сураётган Гулнора Баҳриева ва Шоиста Жалилова ҳамда вилоят суди судьяси Муҳиддин Тўхтаев, фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди раиси Тўлқин Усмоновга Ўзбекистон суд тизими фахрийлар марказининг “Ўзбекистон суд фахрийси” гувоҳномаси, шунингдек китоблар жамланмаси ва гуллар тантанали равишда топширилди.- 1976 йилда ўқишни тугатиб, Самарқанд туман судига ишга келганман. Шу билан роппа роса қирқ йил узлуксиз ишлаб, 2016 йилда ёруғ юз билан пенсияга чиқдим, – деди суд фахрийси Шоиста Жалилова. – Биз ишлаган даврларда ҳозиргидек шароитлар бўлмаган. Бино эски, зах, қишда совуқ бўларди. Жиҳозлар ҳам, шароитлар ҳам ҳаминқадар эди. Лекин биз касбимизни севганимиздан ҳеч қачон нолимаганмиз, садоқат билан, фидойилик билан ишлаганмиз. Чунки суд шундай нуфузли орган, унга содиқ бўлиш керак, лойиқ бўлиш керак. Бугунги бу шарт-шароитларни, судьяларга бўлган эътиборни қадрига етиб, ҳар қанча фидокорлик билан, садоқат билан ишласангизлар арзийди. Биз кексаларга берилган эътибор учун Президентимизга, Олий суд ва Судьялар олий кенгашига ҳамда вилоят суди раҳбариятига чексиз миннатдорчилик билдирамиз. Тадбирда вилоят суди Фахрийлар кенгаши раиси И. Саидов, вилоят суди судьялари сўзга чиқиб фахрийларни қутладилар. Ёш ходимларга насиҳат қилиб, омадлар тилади. Бугун юртимизда мазкур соҳада рўёбга чиқарилаётган ўзгаришларнинг моҳияти ва аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтдилар. Тадбир жуда самимий ва кўтаринки руҳда ўтди. Ёш авлод вакиллари устозлар йўлидан бориб, шундай улуғ эътирофга лойиқ бўлишни ният қилишди.
2021 йил 7 октябрь куни Пастдарғом туманида фуқаролар учун сайёр қабул ўтказилди. Ушбу ўтказилган сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатлари тингланди ва уларга суд раислари томонидан тегишли тушунтиришлар берилди
Вилоят маъмурий судининг раиси Т.Файзиев 6 октябрь куни ҳалқ қабулхонасида сайёр қабул ўтказди. Сайёр қабулда фуқароларнинг мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Самарқанд вилоят маъмурий судининг мажлислар залида судьялар ҳамда Солиқ идоралари ходимлари билан биргаликда семинар ўтказилди. Семинарда Солиқ кодексининг қўшилган қиймат солиғи ҳамда камерал текширувига оид бобларини амалиётга қўллаш ва амалиётда юзага келаётган низолар юзасидан кўшма семинар учрашуви бўлиб ўтди семинарда вилоят ва туманлараро маъмурий суди раиси ва судьялари, вилоят солиқ бошқармаси, вилоят адлия бошқармаси ва бизнес-омбудсманнинг вилоятдаги вакиллари иштирок этиб, кун тартибидаги масалалар бўйича семинар қатнашчилари ҳамда судьялар ўртасида савол жавоблар бўлиб ўтди
Вилоят маъмурий суди раиси Т.Файзиев томонидан 23.09.21 йил Булунғур туман фуқаролари учун Булунгур туманидаги, Булунгур махалла маркази биносида ўтказилган сайёр қабул жараёнида жами фуқаролар қабул қилиниб уларга ҳуқуқий маслахатлар берилди.